Она юртимиз ҳар доим ўзининг мард, жасур йигитлари билан фахрланиб келган. Халқимизда, “Йигит омон бўлса, қўрғон саломат”,-деган нақл бор. Йигитларимиз ота-она ва оиласини,  ўзи яшаётган юрт тупроғини муқаддас билиб, Ватан ҳимояси учун доимо шай туришни бурч деб ҳисоблаган. Ватанни ҳимоя қилиш асосан йигитлар зиммасида бўлганлиги боис, оилаларда ўғил болалар тарбиясига алоҳида эътибор берилган: уларни мустаҳкам  иродали,  қатъиятли, юрт иши учун фидойи инсонлар қилиб тарбиялашга ҳаракат қилишган.

Мустақил Ўзбекистонимизда Ватан ҳимоячилари куни 14 январда нишонланади. 1992 йил, 14 январда мамлакат парламентида мамлакат ҳудудидаги ҳарбий ўқув юртлар ва бошқа ҳарбий шаклларининг барча қисмлари ва бирлашмаларини Ўзбекистон Республикаси юрисдикция қарамоғида ўтиши тўғрисида қарор қабул қилди. Шундай қилиб 1993 йилда 29 декабрда 14 январь-Ватан ҳимоячилари куни деб эълон қилинди.

Мамлакатимизнинг мард, шижоатли, ўктам йигитлари армия хизматидан заҳирага бўшатилганларидан кейин ҳам ҳарбий хизматдаги каби ғайрат-шижоат билан юрт равнақи йўлида турли соҳаларда фидокорона масъулият билан меҳнат қилмоқдалар. Ушбу байрамнинг нишонланиши халқимизнинг ўз армиясига нисбатан чексиз ҳурматини, йигитларига нисбатан ифтихорини билдиради.

ZiyoNET ахборот ресурс тармоғи барча Ватан ҳимоячиларини ушбу муборак байрам билан табриклайди ҳамда уларга оилавий тинчлик-хотиржамлик, соғлиқ-саломатлик тилаб қолади. Ҳаётингиз доимо шараф ва зафарларга тўлиқ бўлсин. Ватанимиз осмони доимо мусаффо бўлиши учун ҳар доимгидек ўз куч-ғайратингизни аямангиз!

Азиз ватандошлар, байрамингиз муборак бўлсин!!!

(1 votes, average: 5 out of 5)
Loading ... Loading ...